04:06:57(GMT +5), 2 iyun 2020

Сўнгги янгиланишлар: 29.05.2020

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

БИРГАЛИКДА КАТТА КУЧМИЗ!



2020 йилда бутун дунё каби бизнинг халқимиз ва мамлакатимиз ҳам турли хил кутилмаган вазиятларга дуч келмоқда. Йил бошидан бери биз коронавирус пандемиясининг тарқалишини кузатдик. Эпидемиянинг энг юқори чўққисидан беталофат ўтиб олдик, деган бир маҳалда ва эндигина СОVID-19 оқибатлари бироз юмшатилган бир пайтда, халқимиз навбатдаги табиий офатга дуч келди - Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида кучли ёмғир аралаш шамол ушбу иккита ҳудудни вайронага айлантирди.

Ушбу табиий офат етказган зарарни ҳали баҳолашга улгурмасимизданоқ Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида тўғон ёпирилиб тушгани ва унинг оқибатида сув тошқини юзага келганлиги ҳақида хабар тарқалди. Кўрилган зарарнинг миқёси ҳақида бугун бутун мамлакат билади. Сардобанинг ўн минглаб аҳолиси эса деярли ҳеч нарсасиз қолди.

Айтиш жоизки, шу кунларда бутун мамлакат жипслашди. Имконияти борларнинг барчаси, йирик корхоналардан тортиб, то айрим фуқароларгача жабр кўрган аҳолига ёрдам қўлини чўзди. Ахир халқимиз ана шундай ватанпарварликни ўз тарихининг энг оғир даврларида намоён этган. Ўзаро ёрдам халқимизга хос энг яхши сифатлардан биридир.

"Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ жамоаси ҳам бахтсиз ҳодисаларга четдан қараб турмади. Коронавирус тарқалиши ва мамлакатимизда карантин эълон қилинган кундан бошлаб холдинг корхоналари "Меҳр-шафкат ва саломатлик" жамғармасига 200 млн. сўм ўтказиб берди. Бухоро вилоятида табиий офатлардан зарар кўрган ҳудудларни тиклаш учун 100 млн. сўм ажратилди.

Шунингдек, бугунги кунда Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида табиий офат оқибатлари билан курашаётган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кучли қишлоқ хўжалиги ускунаси – RSM 2375, Versatile 2375 русумли трактор совға қилинди. Техника нархи 1 млрд 600 млн. сўм бўлиб, у 375 от кучига эга универсал қаторли ғилдиракли тракторлар маркасига киради. Минтақадаги вазиятни ҳисобга олиб, трактор қўшимча ғилдираклар билан мустаҳкамланди. Эндиликда ушбу трактор зарар кўрган ҳудуднинг энг қийин, лойгарчилик шароитида ҳам ишлашга қодир.

 

 


Бундан ташқари, кечадан бери компания томонидан тошқиндан зарар кўрган аҳолига инсонпарварлик ёрдами жўнатилмоқда: кийим-кечак, пойабзал, қурилиш материаллари. Шунингдек, юк ташиш учун трактор тиркамаси, катта шудгор сув насоси учун ускуналар Сардобага жўнаб кетиш арафасида.
Бугун эса "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ ходимлари бир кунлик иш ҳақини Сардоба тумани аҳолисини қўллаб-қувватлаш фондига ўтказиб берди.

"Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ Ахборот хизмати



Рўйхатга қайтиш