04:30:46(GMT +5), 2 iyun 2020

Сўнгги янгиланишлар: 29.05.2020

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

РАҚОБАТДОШ МИЛЛИЙ ТРАКТОРЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИЛАДИ



Абдурауф ҚОРЖОВОВ, иқтисодий шарҳловчи

Асл маъноси “техние” деган сўзга тақалиб борадиган тушунчада санъаткорона, устамонлик, маҳорат билан бажариш, деган маънолар мужассам. Тараққиёт эса техника тушунчаси мазмунини тубдан кенгайтириб юборди.

Олимлар фикрича, бугунга келиб у инсон оғирини енгил қилувчи меҳнат қуролигина бўлиб қолмай, балки техника ва технологиялар бутун жаҳон цивилизацияси ривожида асосий ўрин тутмоқда.

Президентимиз раислигида 16 апрель куни саноат тармоқлари барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилган йиғилишда агротехника ишлаб чиқаришини оптималлаштириш, металл қуйиш қувватларини тезроқ ишга тушириб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича ҳам топшириқлар берилди.

— Маҳаллийлаштиришдан мақсад, — деди давлатимиз раҳбари, — ўзимизнинг қишлоқларга мос, деҳқонларга тўғри келадиган ҳамёнбоп миллий тракторлар ишлаб чиқариш.

Бу вазифани бажариш масъулияти ва кўламини яққолроқ тасаввур қилиш учун бундан уч-тўрт йил олдин соҳада юзага келган ҳолатга назар ташлаш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар қай тариқа ҳал этилаётганини билиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.

ОРЗИҚИБ КУТИЛГАН ВОҚЕА

“Техника — деҳқон қаноти”, “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур”. Бу каби иборалар моҳиятини ва улар асосда ишлаш роҳатини деҳқонларимиз яхши билади. Таассуфки, улар яқин пайтга қадар “Эскисини ямагунча эсинг кетар” нақлида ишлашларига тўғри келган. Чунки ўнлаб йиллар мобайнида турли қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришга етарли эътибор берилмай келинди. Бунинг оқибатида техника паркининг йиллик янгиланиш даражаси 2-3 фоизга тушиб қолди. Шу боис, 2017 йилга келиб, мавжуд 146 минг 295 та қишлоқ хўжалиги техникасининг 38 фоизи аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган, яъни бутунлай эскирган эди.

Шукрким, 2018 йилдан бошлаб бу борада “муз” кўчиб, деҳқонлар елкасига ҳам кун тега бошлади. Шу йили фермер ва кластерларга 33,7 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берилди. Бу 2017 йилги кўрсаткичга нисбатан 1,5 баравар кўп эди. Бу деҳқончилик самарадорлигини оширишга мадад берганига қарамай, фермер хўжаликларининг юқори унумли ҳайдов тракторлари билан таъминланиши 75 фоизни, ғалла ўриш комбайнлари — 86 фоиз, пахта териш машиналари — 28 фоиз, қўшқатор чигит экиш сеялкалари — 60 фоиз, дон экиш сеялкалари — 25 фоизни ташкил этар эди. Мева ва сабзавот экинларини етиштиришда қўлланадиган мини механиза¬циялар жуда кам, боғбону соҳибкорлар бу борадаги юмушларни ота-боболари жонига ҳам асрлар давомида ора кирган кетмонга суянишларига тўғри келарди. Қани энди хорижлик ҳамкасблариникидай уларнинг ҳам “кетмони” учса, техника барча ишда қўл-қанот бўлса?!

Ҳар бир тармоқ ёки ҳудуд учун орзиқиб кутилган шундай воқеа рўй берадики, унинг тақдирини тубдан ижобий томонга ўзгартириб юборади. Президентимизнинг 2018 йилнинг 12 июль куни Тошкент қишлоқ хўжалиги техникалари заводига ташрифи машинасозлар учун ана шундай воқеликка айланди. Негаки, бу ерда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, импортни қисқартиришга йўналтирилган 5 та корхонани ташкил этиш лойиҳалари маъқулланди ва том маънода мазкур саноатнинг барпо этилишига тамал тоши қўйилди.

Улардан бири — қиймати 42 миллион доллар бўлган металл қуйиш корхонаси. Йилига заводда халқаро талабларга жавоб берадиган, юқори аниқликдаги 47 минг тонна металл қисмлар қуйилади. Жорий йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган заводда 250 ишчи ўрни яратилади.

Умумий қиймати 24 миллион доллар бўлган яна 4 та лойиҳа трансмиссия валлари, ғилдирак дисклари, кабиналар ва маҳкамловчи темир буюмлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган. Уларни ишга тушириш натижасида соҳада маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоизга етказилади, маҳсулот таннархи 32 фоиз ва импорт йилига 116 миллион долларга камаяди. Бу янги қувватлар нафақат “Ўзагротехсаноатхолдинг” корхоналари, балки “Ўзавтосаноат” тизимида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар, юк транспортлари ва автобуслар учун ҳам бутловчи қисмларни кооперация асосида етказиб беришни таъминлайди.

МУҲИМ ҲУЖЖАТ

Ташрифдан кейин кўп ўтмай, 31 июль куни давлатимиз раҳбарининг “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини 2021 йил якунига қадар ишга тушириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди. “Йўл харитаси”да тайёр маҳсулот экспортини ишлаб чиқарилган маҳсулотга нисбатан 2022 йилда 20 фоизга, 2025 йилда эса 30 фоизга етказиш, замонавий корпоратив бошқариш усулларини жорий этиш учун кичик механизация техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, машина-трактор паркларини таъмирлаш ва сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослаштириш каби вазифаларга кенг ўрин берилди.

Энг муҳими, маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникалари харидларини кредитлаш ва уларни лизингга бериш тизимини такомиллаштириш мақсадида тижорат банклари томонидан 50 миллион АҚШ долларлик маблағларни жойлаштириш, 2019-2020 йилларда имтиёзли кредит линиялари ҳисобидан эквиваленти 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги техникаларни харид қилишни молиялаштириш учун ажратилиши ҳам белгилаб қўйилди.

ТЕХНИКА — ЗАМОНАВИЙ, ДЕҲҚОН УЧУН ҲАМЁНБОП БЎЛИШИ КЕРАК

“UzCLAASAgro” қўшма корхонаси цехларида бўлсангиз, компьютер графикасининг нафис ва мураккаб чизмалари ақлингизни шоширса, ишлаб чиқариш жараёнларининг узвийлиги диққат-эътиборингизни тортади. Масалан, Марказий Осиёда бармоқ билан санарли ушбу дастгоҳни олайлик. Унинг ваакумли ишлаш жараёни ўта мураккаб ҳисобланган бўртма шаклларни ҳам деталларга муҳрлаб беради. Энг кейинги авлоддаги лазерли ускуналар эса металл варақларни миллионлаб шаклдаги кесмаларга айлантиради. Бунинг учун уларнинг электрон миясига зарур дастурни киритиб, тугмачани босишнинг ўзи кифоя.

Бу ерда битта DOMINATOR 130 ғалла ўриш комбайнини ишлаб чиқариш учун 7000 дан ортиқ деталь ва қисм зарур бўлади. Унда ишлатиладиган энг майда шайба ва гайкалар, ёрдамчи қисмларни ҳам санайдиган бўлсак, бу миқдор янада ортиб кетади. Чунки биргина ҳайдовчи майдончасини тайёрлашнинг ўзи 300 дан ортиқ детални тақозо этади. Жуда оддий туюлган жиҳатларга эътиборни қаратишимиз боиси маҳаллийлаштириш даражасига бориб тақалади.

— Бугунги кунда унинг миқдори 36 фоизни ташкил этяпти, — дейди “UzClааsАgro” МЧЖнинг маркетинг ва савдо бўлими бошлиғи Аҳмад Мирсаидов. — Режамиз 2021 йилга бориб бу кўрсаткични 60 фоизга етказиш ва деҳқонларга ҳамёнбопликни таъминлаш мақсадида унинг харид нархини тобора пасайтириб боришдан иборат.

“Arion 630” ҳайдов трактори ва тиркамалар ҳақида ҳам шундай фикрларни билдириш мумкин. 2020 йилда турли хилдаги 700 дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бугунги кунда ишлаб чиқарган техникаларимизга сервис хизмат кўрсатиш мақсадида барча ҳудудларда “UzClааsАgro” марказлари фаолият кўрсатяпти. Улар негизида дилерлик бўлинмалари ҳам иш олиб боради. Дилерлар ҳар бир ҳудуддаги кластер ва фермерларнинг талабларини ўрганади, шартномалар тузади, буюртмаларни ўз манзилига етказиб беради.

ҚАРОР ИЖРОСИ ВА ЯНГИ ВАЗИФАЛАР

Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича ўтган вақт мобайнида муайян ишлар амалга оширилди.

— 2019 йили корхонамиз томонидан 11 турдаги 2 минг 659 дона техника ишлаб чиқарилди, — дейди “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” АЖ бош директори Муҳриддин Бойқувватов. — Айни пайтда мазкур техникалар Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Озарбайжон ва Ҳиндистонга доимий экспорт қилинмоқда.

Қора ва рангли металларни пайвандлаш, қайта ишлаш, штамплаш, трактор кабиналари ясаш ва бошқа турдаги эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш, бўяш линиялари бўйича Президентимиз қарорида белгиланган ишлар жадал олиб борилмоқда.

Қарорда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари учун янги миллий брендни яратиш вазифаси қўйилган эди. Унга асосан, “CNHI” компанияси билан келишилган холда TD5.110 русумли трактори базасида миллий трактор модели яратилди. Тўлиқ конструкторлик ва технологик ҳужжатлари “CNHI” компанияси томонидан шартнома асосида тақдим этилди.

— Холдингимиз корхоналари томонидан 2020 йилнинг биринчи чорагида 236,2 миллиард сўмлик 1 760 дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилди, — дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” компанияси маркетинг ва савдо бошқармаси бошлиғи Мирфаёз Мирсоатов. — Бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 140 фоиз ошганлигини кўрсатади.

Техника ишлаб чиқаравериш мумкин. Лекин улар сотилмай омборларда чанг босиб ётса, кимга фойда?

— Президентимиз 16 апрель куни саноат тармоқлари барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинган йиғилишда компаниямиз фаолиятини таҳлил этар экан, айнан техникаларни ўз вақтида сотиш учун харидор билан ишлаш тизимини ривожлантириш, фермер ва деҳқонларга бу борада кредит имтиёзлари бериш зарурлигини қайд этди, — дейди Мирфаёз Мирсоатов. — Тўғри, илгариги йиллар билан таққослаганда мазкур йўналишдаги ишда илгарига силжиш катта бўляпти. Масалан, жорий йилнинг 15 апрелига қадар 1547 дона қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб берилди ва бу кўрсаткич 2019 йилдаги ана шу даврга нисбатан 3 баробар ортиқ бўлди.

Йиғилишда вазифа қўйилганидек, эндиликда техникаларни электрон буюртма асосида сотиш тизимини жорий этишимиз зарур. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги машиналаримиз сифати ва нархини хорижники билан рақобатдош даражага келтиришимиз зарур. Жаҳоннинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда умумий қиймати 78 миллион доллар бўлган бешта инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизга олиб чиқади. Бу жараённи ишлаб чиқаришни оптималлаштириш билан қўшиб олиб борсак, давлатимиз раҳбарининг топшириғини бажаришга эришамиз.

Йиғилишда яна бир муҳим масала — пахта теримини механизациялашни жадаллаштириш, жорий йил сентябргача жойларга камида 1000 та пахта териш машинаси етказиб бериш, барча ҳудудларда сервис марказлари ташкил этиш вазифаси белгилаб берилди. Бизга тақдим этилган маълумотларга қараганда, “Ўзагротехсаноатхолдинг” компанияси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 89 та пахта териш машинаси тайёрланган бўлиб, августга қадар улар сони 1000 тага етказилади. Демакки, пахтакорларнинг йиғим-терим ишлари янада енгиллашади.

"Янги Ўзбекистон" ижтимоий-сиёсий газетасининг 2020 йил 25 апрелдаги 67-сонидан олинди


Рўйхатга қайтиш