04:35:15(GMT +5), 2 iyun 2020

Сўнгги янгиланишлар: 29.05.2020

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

БУТУН ҲАЁТИ ДАВОМИДА ВАТАНГА ХИЗМАТ ҚИЛДИ




Бугунги кунда "Ўзагротехсаноатхолдинг" акциядорлик жамияти томонидан бирлаштирилган собиқ "Ташсельмаш" ва "ТТЗ" заводлари урушни бошидан кечирган ва фашизм устидан ғалабага эришган мардонавор ўғлонлари туфайли бой тарихга эга бўлиб, кейинчалик улар тинч йўлга ўтган ушбу корхоналарга ўз ҳиссаларини қўшиб келди. Навбатдаги қаҳрамонимиз - Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, меҳнат фахрийси Николай Николаевич Фомин.
Н.Н.Фомин 1925 йил 1 майда Aндижонда туғилган. 1929 йилда у оиласи билан Саратовга кўчиб ўтди. У ерда ота-онаси комбайн комбинатида ишлади, у эса ўрта мактабда ўқиди. Орадан 10 йил ўтгач, буви билан бувасининг илтимосига биноан оила Aндижонга қайтиб келади, у ерда бизнинг қаҳрамонимиз 2-сонли ўрта мактабда ўқишни давом эттиради. 1943 йил март ойида Николай Фомин 10-синфда ўқиётганда, ўз тенгдошлари қаторида армияга чақирилади ва Aвиация мактабига юборилади. Ўқишни тугатгандан сўнг, у Серпухов шаҳри яқинида жойлашган Узоқ масофали авиациянинг 8-чи гвардия авиация бомбардимон полкига ўқишга кирди. Полк шиддатли жанглар содир бўлаётган Сталинград яқинида жойлашди. Серпуховда ҳарбий қисм ИЛ-4 самолётлари ёш экипажлари билан тўлдирилди. Булар уруш йилларида машҳур авиаконструктор Ильюшиннинг раҳбарлиги остида Самарқанддаги заводларда ишлаб чиқарилган самолётлар эди. Орёл-Курск жанги пайтида янги ташкил этилган экипажлар немис ҳарбий техникалари ва қўшинлари жойлашган душман лагерига жанговар учишларни олиб боришни бошлади. Воқеалар, асосан, Орёл, Брянск, Орша, Смоленск ва бошқа шаҳарларнинг темир йўл станцияларида содир бўлди. Николай Фоминнинг ҳарбий ҳаракатларда иштироки шу тарзда бошланди.


Тарихдан маълумки, Курск жанги Иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳал қилувчи жанглардан бири бўлиб, у 1943 йил ёзида бўлиб ўтган. Aгар жанг пайтида совет аскарлари томонидан шиддатли жанглар олиб борилмаганида, немислар Шарқий фронтдаги ташаббусни қўлга киритиши мумкин эди. Тарихчилар Сталинград ва Курск жангларини ҳар томонлама тайерланган Вермахт кучларига қарши Совет Aрмиясининг энг муҳим ғалабалари деб аташади. Жанглар давомида тарихдаги энг йирик ва энг қонли танк жанги бўлиб ўтди ва кўп миқдордаги авиация иштирок этди. Бизнинг қаҳрамонимиз худди шу самолётларнинг бирини бошқарди.
Курск жанги, шунингдек, Оловли жанг деб ҳам номланади. Бу оловли жангда Н. Фомин ва унинг ўртоқлари ўзларини қаҳрамонлардек кўрсатди.
Курск жанги пайтида, тарихчиларнинг сўзларига қараганда, камида 200 минг аскар ҳалок бўлган, ярим миллиондан ортиқ киши жароҳатланган, аммо йўқотишлар бундан ҳам катта бўлган дейишади.


Бир марта Фомин билан урушда бундай воқеа юз берди. Бу ҳикоя фақат қаҳрамоннинг болалари ва невараларига маълум. 1946 йилда Львов госпиталидан ўзининг Польшада жойлашган бўлимига қайтиб кетаётганида, Брест темир йўл станциясида Германия ҳарбий асирлари бўлган вагонларга кўзи тушди. Улар немис тилида: "Биз ишчилармиз!" – дея егулик сўрарди. Ёш аскар Николай Фомин уларга ачиниб кетди. Шу лаҳзада у туғилиб усган Ватанини эслади, Ўзбекистон халқининг яхши урф-одатлари унинг кўз олдида намоён бўлди. Ватанида барча бирдек қийин дамларда охирги нонини бўлишиб ейдиган ҳалқ яшарди. У иккиланмасдан асирларга ёнидаги нонини ташлади. Жавобан улар кетаётган эшелондан уни чақириб, миннатдорчилик сифатида олтин узук ўралган кичкина тугунчани ташлади ...
Кейинчалик Польшада у ҳамкасблари билан бир деҳқоннинг уйида меҳмон бўлиб ўтирганида, уй эгаларининг кичкина қизчаси Фоминнинг бармоғидаги немис асирлари унга совға қилган узукдан кўзларини узмай "Олтин узук!" – дея тинмай такрорларди. Кейин Фомин узукни ечиб, уни бу қизчага совға қилди. Ўшандан бери у ҳеч қачон узук тақмади.
1943 йил охирида Курскдаги жанг тугагандан сўнг, Н. Фомин хизмат қилган полк ва бутун бўлинма, душман 872 кун қамал қилган Ленинград блокадасини охиригача енгиш учун жангларда қатнашиш мақсадида аэродромга кўчиб ўтди!
1941 йил кузидан бошлаб Ленинград немис қўшинлари томонидан блокадага олинди. Шаҳарга бостириб кириш пайтида ҳар икки томондан ҳам катта миқдордаги йўқотишлар кутилмоқда эди. Шунинг учун душман қўмондонлиги тинч аҳолини шунчаки очликдан ўлдиришга қарор қилди. Ленинград жанги пайтида Совет армиясининг асосий мақсади блокадани синдириб ўтиш эди. Бошиданоқ шаҳарда озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаётгани душманга маълум эди.
Ленинград блокадасини бузиб ўтишда қатнашган аскарлар бир неча ой давомида астойдил машқ қилди ва ҳужум пайтида бажариши керак бўлган ҳамма вазифани сўзма-сўз бажарди. Белгиланган куни эрталаб, бир вақтнинг ўзида иккала томондан ҳам икки соатдан кўпроқ давом этган артиллерия ўқлари отилди. Aртиллерия тўхтагач, аниқ мўлжал олган ҳаво зарбалари бошланди. Бу учувчиларнинг орасида Николай Фомин ҳам қатнашган эди.


Фомин ва унинг ҳамкасбларининг дастлабки жанговар учишлари немисларнинг узоқ масофали артиллерияси жойлашган ҳудудга, Ленинград шаҳри ва Псков станциясини ўққа тутди. Кейин Хельсинкидаги саноат объектларига парвозлар бўлди. Натижада Финляндия урушни тугатиш бўйича музокараларга тайёрлигини эълон қилди.
Душман қаршилик кўрсатгани билан, у чекинишга мажбур бўлди. Бу сафар фашистларнинг омади келмади.
1943 йилда Ленинград қамалини синдириш бизнинг армиямиз учун катта аҳамиятга эга бўлди. Тинч аҳолининг қаҳрамонона ёрдами ва Ленинград ҳимоячиларининг садоқати туфайли музей-шаҳар вайронагарчиликдан сақлаб қолинди.
“Хельсинки устидан учаётганда, бутун шаҳар ёнаётганини кўриб ҳайратда қолдим”, - дейди Николай Фомин. “Барча шаҳарларимиз, ҳаттоки, у ердан уч минг километрдан кўпроқ масофада жойлашган менинг ватаним Aндижон ҳам, уруш пайтида қоронғилик ёрдамида ҳимояланган. Саноат объектларида барча бомбалар портлатилгандан кейингина шаҳардаги чироқлар ўчирилди. Зенит қуроллари кетма-кет жангни бошлади. Самолётимизни душманнинг ўқи бироз "туртиб" ўтиб кетди. Бу ерда биринчи маротаба оёғим жароҳатланди. Самолётимизга етказилган зарар туфайли қўниш мосламаларимиз ишламай қолди. Бизнинг тирик қолишимизни фақат мўъжиза, деб аташ мумкин. Тирик қайтмаймиз деб ўйлагандим ... Финляндия тинчлик талаб қилгани ҳақида хабар топганимизда, сафдошларимиз билан қўшалоқ қувончни нишонладик. Шундан сўнг бизнинг полк Украина аэродромига кўчирилди ва мен бир ой госпиталда ётдим".
Кейин Н. Фомин хизмат қилган полк ва бўлинма Украинадан Плоешти, Константа, Будапешт шаҳарларидаги саноат объектларига кўчиб ўтди. Бизнинг қўшинларимизнинг нефтни қайта ишлаш заводлари ва омборлари жойлашган жойларда аниқ зарбаларидан кейин катта ёнғинлар бошланди. 1944 йил сентябрь ойида учувчилар Руминияга навбатдаги парвозга тайёргарлик кўра бошлади. Яхшиямки, қурбонлар бўлмади. Жангни бекор қилиш буйруғи келди. Чунки Руминия тинчликни сўраб қолди.
Бутун бўлинмага, шу жумладан Н. Фоминга кўрсатган қаҳрамонликлари учун Олий бош қўмондон – Сталин томонидан миннатдорчилик билдирилди.


Уруш охирида бизнинг қаҳрамонимиз хизмат қилган полк 23-гвардия авиациясининг бомбардимон Ржев-Будапешт қизил байроқ полки деб номланди, дивизия эса иккинчи даражали Суворов ордени Днепропетровск-Будапешт номига эга бўлди.
Николай Николаевич шундай эслайди: «1944 йил ноябрь ойида бизларни бомбардимон қилишганида, мен қаттиқ жароҳат олдим. - Натижада кўзларим қисман кўрмай қолди ва эшитиш қобилиятим йўқолди. Шунинг учун мени отишмалардан парашют ташувчилар сафига ўтказишди ва жанговар саралаш учун Данциг, Кёнигсберг, Будапешт, Берлин шаҳарларидаги ҳарбий объектларга ва Свинемюнде портига жўнатишди”. У полк касалхонасида, кейин Варшава госпиталида даволанди ва 1945 йил охирида уни Львов лазаретига ётқизишди.
Н. Фоминнинг ҳарбий унвони - гвардия сержанти. 1946 йил мартда, Олий кенгаш раёсати қарорига биноан, 3 ёки ундан ортиқ жароҳат олган ҳарбий хизматчилар орасида касаллик туфайли у сафдан чиқарилди.
Демобилизациядан сўнг, Николай Фомин қаҳрамон сифатида Тошкентга қайтиб келди, у ерда онаси ва синглиси ўша пайтда пахта заводида ишларди. 1947 йилда Тошкент Тўқимачилик институтига ўқишга кирди. 1952 йилда ўқишни тугатгандан сўнг, у "Тошкент трактор заводи" AЖ деб қайта номланган "Тошавтомаш" заводида иш бошлади. Бу ерда у 2010 йилга қадар биринчи конструктор, кейин ОТК раҳбари, 26-устахона бошлиғи ва бош механик бўлиб ишлади.
Николай Фоминнинг заводга қўшган шахсий ҳиссаси шундан иборатки, у 1956 йилда бош механик сифатида пахта толасини оммавий ташиш учун кенг қиррали тиркамани ишлаб чиқишда қатнашган. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу намунавий тиркама ўша пайтдаги барча аналоглар орасида энг зўри деб тан олинган. Ҳақиқат шундаки, ўша йилларда Минск ва Кутаиси заводларидан олиб келинган тиркамалар ёғоч ёки барча томонлари металл билан қопланган бўларди. Пахта юклангач, прицеп ағдарилиб, иш пайтида жуда кўп муаммоларга сабаб бўларди. Мавжуд моделларнинг энг яхши хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, бизнинг маҳаллий прицепимиз энг яхши деб топилди!
Николай Николаевич Фоминнинг кўплаб мукофотлари Иккинчи жаҳон урушдаги қаҳрамонликларидан далолат беради. У фашизм устидан ғалаба олиб келган Ватанининг содиқ ўғлонларидан биридир. Унинг жанговар дўстларининг бир қисми худди "Жангга фақат “кексалар” боради" деган машҳур фильмидагидек урушда ҳалок бўлди. Aйтганча, фильм воқеалари актёр Рустам Саъдуллаевнинг қаҳрамонига ўхшаган ўзбекистонлик реал аскарлар билан содир бўлган воқеалардир. Фильм сценарийси Николай Фомин хизмат қилган полк жангчиларига қараб ёзилган.
Ушбу урушдан омон чиқган Николай Николаевич мамлакат ҳаётидаги ушбу даҳшатли даврни оғриқ билан эслайди ва авлодларни тарихдаги хатоларни такрорламасликка чақиради.


Фашист босқинчиларига қарши жангларда садоқатли хизмат қилгани учун Николай Фомин "Ватан уруши" ордени, иккита ҳарбий хизматлари учун медал, Ленинград мудофааси учун медал, Будапештни босиб олганлик учун медал, Иккинчи жаҳон урушида Германия устидан қозонган ғалабаси учун медал ҳамда ўнга яқин 1950 йилдан 2000 йилгача бўлган эсдалик медаллари билан тақдирланди.
Н. Фомин - табиатан ишчи, нафақага чиққанидан кейин ҳам ускуналарни таъмирлаш бўйича технолог бўлиб ишлади. Ибратли фаолияти учун у икки марта "Меҳнаткашлик учун", "Меҳнат фахрийси" медали ва "Жасорат" медали билан тақдирланди.
2020 йил 1-май куни Николай Николаевич Фомин 95 ёшга киради. Унинг сўзига кўра, унинг севимли машғулоти иш билан банд бўлиш. У бутун вақтини меҳнатга бағишлади. Aввалига жанг майдонида, кейин эса 85 ёшигача Тошкент трактор заводида. Ўн йилдан бери у нафақада. Ҳаёти давомида у иккита қизни тарбиялади, ҳозир улардан бири билан бирга яшайди. Бугун бутун оиласи унга ғамхўрлик қилади. Қаҳрамоннинг 3 невараси ва 5 чевараси бор. Бўш вақтларида Николай Николаевич жуда кўп китоб ўқийди, унинг энг севимли адабий жанри - тарихий адабиёт. Эҳтимол, бу унинг ўзи дунё тарихининг бир қисми бўлгани учундир.

Ушбу материалда Н.Н.Фоминнинг шахсий архивидаги фотосуратлар ва ҳужжатлардан фойдаланилди.

«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ Ахборот хизмати




Рўйхатга қайтиш