12:54:49(GMT +5), 30 Мая 2020

Сўнгги янгиланишлар: 29.05.2020

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

РАҚАМЛИ ИҚТИСОД – ТАРАҚҚИЁТ КАЛИТИ



Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров рақамли иқтисодиёт назариясини ва ундан кутилаётган натижалар хусусида тушунча берди, деб ёзади Sputnik.

Рақамли иқтисод – бу бугунги кунда жаҳон иқтисодининг драйвери, ривожланиш белгиларидан бири.

Рақамли иқтисод – замонавий миллий иқтисодларнинг қиёфасини ўзгартириб, уларнинг самарадорлигини ва шаффофлигини оширмоқда.

Оддий мисол, рақамли иқтисодда пенсия расмийлаштириш учун битта паспортнинг ўзи кифоя бўлади. Бу ҳақида Президентимиз ҳам ўз мурожаатномасида айтиб ўтди. Фуқаро туман ёки шаҳар пенсия фондига мурожаат қилади ва улар архивдан фуқаро қаерда ишлаган, қанча ойлик маош олгани ҳақида барча маълумотларни олади. Оддий фуқаролар учун бу – қулайлик дегани.


Хуфиёна иқтисодга қарши кураш

Яна бир мисол – хуфиёна иқтисодиёт. Турли таҳлилларга кўра Ўзбекистон умумий иқтисодида хуфиёна иқтисодиёт миқдори 45 % гача бўлиши мумкин.

Рақамли иқтисод бу муаммони ҳам ҳал қилиши мумкин. Бу йўлда биринчи қадам аллақачон қўйилди – бу солиқ ислоҳоти. У амалга ошди. Иккинчиси – қўшилган қиймат солиғи учун электрон ҳисоб-варақалар юритиш тартибини киритиш. Ҳозирда бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бу тизим ишга тушганидан кейин, ҳар бир солиқчи Давлат солиқ қўмитаси сайтидаги ўзининг шахсий кабинетига кириб тўланган солиқ миқдорини кўрсатиб боради. Шу асосда ҳар бир товарнинг ишлаб чиқарилганидан бошлаб, то харидорга етиб боргунича бўлган жараён кузатиб борилади. Табиийки, бундай ҳолатда товар ўз-ўзидан йўқолиб қолмайди.

 

Меҳнат самарадорлигини оширади  

Рақамли иқтисоднинг асосий вазифаларидан яна бири – иқтисодиётнинг самардорлигини оширишдир. Ҳар бир давлат раҳбари ва ҳукуматнинг бирламчи вазифаси – инсон капитали қийматини юксалтиришдир. Табиийки, у ёки бу инсоннинг малакаси ошган сайин меҳнати юқори баҳоланиб, пировардида кўпроқ даромад кўради.

 

Мантиқий кетма-кетликнинг давоми  

Бугунги кунда Ўзбекистон бозор иқтисодиёти тизимини жорий қилиш йўлидан бормоқда. Маълумки, бозор иқтисодиёти тамойилларини дунёнинг 200та давлати қабул қилган. Лекин бозор иқтисодиёти ривожланишининг тараққиётга элтувчи механизмлари тўла-тўкис ишлаб чиқилмаганлиги боис бир қатор давлатларнинг иқтисодий кўрсаткичлари пастлича қолмоқда.

Ушбу нуқтаи назардан Президент томонидан қайд этилган прописка тизимини бекор қилиш, пахта ва ғаллага бўлган давлат буюртмасидан воз кечиш, коррупцияга қарши мустақил курашиш органини ташкил  этиш – буларнинг барчаси охир-оқибатда иқтисодиётга тегишли бўлган бозор иқтисодининг зарурий шартларини яратиш йўлида ташланган эзгу қадамлардир.

Масалан, прописканинг бекор қилиниши натижасида ишчи ўзи истаган жойда яхши даромад топиш мақсадида эркин ишлаш ҳуқуқини қўлга киритади. Маълумки, иш одамларни ахтармайди, аксинча одамлар иш топиш дардида чора ахтаради.

Шу маънода рақамли иқтисодиётга ўтиш – ислоҳотларда мантиқий кетма-кетликнинг узвий давомчиси ва драйверидир.   

 

Мақсад – иқтисодий фаровонлик

Ҳар бир давлатнинг асосий мақсади иқтисодий ўсиш ва фаровонлик – қолган ҳамма омиллар шулардан келиб чиқади.

Хар бир мамлакатнинг фаровонлиги унинг ЯИМи билан белгиланади. Чунки ЯИМдан ташқарида ҳеч нарса йўқ. Оддий сўз билан айтганда, халқнинг, давлатнинг ҳаракат майдони – ана шу ялпи ички маҳсулотдир. ЯИМ қанчалик катта бўлса, даромад миқдори ҳам шунча катталашади.

Президентимиз томонидан илгари сурилган яна бир вазифа бу – Ўзбекистон ЯИМини 5 йилда 100 миллард АҚШ долларига чиқаришдир.

Бугунги кунда Ўзбекистон  ЯИМи 58 миллиард доллар бўлиб, аҳоли жон бошига 1725 доллардан тўғри келади.

Агар 2024 йилда ЯИМ 100 миллиард АҚШ долларини ташкил этса, бундай ҳолатда аҳоли жон бошига тушадиган даромад 2800 долларни ташкил қилади. Бунда аҳоли сонининг ошиши ва доллар курсининг юқорилаши ҳам ҳисобга олинган.

ЯИМ ҳажми ошмаса, фаровонликни таъминлашнинг имкони бўлмайди. Яъни, бор нарсани оширмасдан туриб, унинг тақсимотини ўзгартириш билан камбағалликни енгиб бўлмайди.

Мухтасар айтганда, рақамли иқтисод Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотини оширишга ҳам бевосита хизмат қилади. 


“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ Матбуот хизмати




Рўйхатга қайтиш