14:01:23(GMT +5), 30 Мая 2020

Сўнгги янгиланишлар: 29.05.2020

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

ФУҚАРОЛИК БЎЛИШ НАШИДАСИ



Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатида фуқаролик масаласига ҳам тўхталиб, жумладан, “Фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам қўйиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Айниқса, мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал этиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келди, деб ўйлайман. Хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор. Шу тариқа 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ узоқ йиллардан буён ечилмасдан келаётган муаммолари ҳал этилади,” деб айтган сўзлари мен ва мен каби минглаб инсонларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлишдек юксак орзуларининг рўёбга чиқишига умид ва ишонч уйғотди.

Мен 1993 йилда оилам билан Тошкент шаҳрига кўчиб келганман. Ўтган давр ичида “Ўзқишлоқхўжаликтаъмир” (ҳозирда “Ўзагросервис” АЖ) “Ўзқишлоқхўжаликмашлизинг” (ҳозирда “Ўзагролизинг” АЖ)да меҳнат фаолиятимни олиб бордим. Нафақадаман. Ғайрат-шижоатим боисми, уйда ўтиришни эп кўрмай, айни пайтда “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖда мутахассислигим бўйича ишлаб келаяпман.

Ўтган давр давомида катта ва ҳеч қачон ечилмасдек туюлган муҳим бир масала мени ва оила аъзоларимни маънан ва руҳан қийнаб келарди. Афсуски, менга номаълум сабабларга кўра, ҳанузгача “Ўзбекистон фуқароси” деган мақомга эга эмасман. Айтиш жоизки, бу борада тегишли органларга қилган бот-бот мурожаатларим ижобий ҳал этилмасдан турли баҳоналар билан ортга сурилаверган. Халқимизда: “Умид сўнган жойда ҳаёт ҳам сўнади”, деган нақл бор. Йиллар давомида умид ва келажакка ишонч билан яшаб, меҳнатим билан жонажон Ўзбекистонимиз равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келмоқдаман.

Президентимиз Мурожаатномасидаги хушхабардан мен қатори ҳали Ўзбекистон фуқаролигини олмаган фарзандларим Гулираъно ва Музаффар ҳам беҳад шодланишди. Илло, яқин орада оиламиз жамул-жамликда Ўзбекистон давлати фуқаролигига айланамиз. Шу кунларга етказгани учун Яратганга минг-минг шукрлар бўлсин! Бундай бебаҳо бахтни бизга инъом этаётган муҳтарам Президентимизга оиламиз номидан чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

Муҳаммаджон Абдуманнонов.

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ Матбуот хизмати



_______________

Фейсбук: https://facebook.com/uzagrotex

Телеграм: https://t.me/uzatsx  

Call-марказ: 71-200-48-00

Рўйхатга қайтиш



Рўйхатга қайтиш