12:52:37(GMT +5), 30 Мая 2020

Сўнгги янгиланишлар: 29.05.2020

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

ТЕХНИКА ДЕҲҚОННИНГ КУЧИГА КУЧ ҚЎШАДИ



Қишлоқ хўжалиги техникаларининг етишмаслиги, борларининг ҳам салмоқли қисми эскирганини таъкидлаш ўринли. Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, Қашқадарё вилоятида экинларни ўз вақтида экиш, оби-тобида ишлов бериш ва парваришлаш ҳамда ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш учун 21 минг 894 қишлоқ хўжалиги техникаси талаб қилинади, дея хабар беради “ЎзА”.

Фермерлар хўжаликлари, кластерлар ва хизмат кўрсатиш корхоналари балансидаги мавжуд техникалар сони эса 16 минг 542 тани, яъни талабдагидан анча камни ташкил этади. Борларининг ҳам 15 мингтадан кўпроғи аллақачон эксплуатация муддатини ўтаб бўлган. Ёки вилоятдаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мисолида олиб қарайдиган бўлсак, уларнинг қишлоқ хўжалиги техникалари ва механизмлари билан таъминланганлик даражаси кўрсаткичлари ниҳоятда паст эканига гувоҳ бўласиз. Ҳайдов тракторлари ва омочининг бор-йўғи 8 фоизи, чигит экиш сеялкаларининг 23 фоизи, ОВХнинг 6 фоизи, чуқур юмшаткичларнинг 14 фоизи, культиваторларнинг 65 фоизигина улар ихтиёрида эди, холос. Шунинг учун ҳам ер ҳайдаш ишлари кечиккан, экиш белгиланган муддатидан орқада қолган, ўз-ўзидан озиқлантириш, ишлов бериш ва йиғим-терим ортга сурилган.

– Бу каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида мавжуд техникаларни қисқа фурсатда шай ҳолатга келтириш ва замонавий, бир эмас, бир нечта агротехник тадбирларни сифатли ўтказишга мўлжалланган техникалар харид қилиш белгилаб олинди, – дейди вилоят “Агросервис МТП” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Файзулло Ғуломов. – Унга кўра, жорий йилда 227 юқори ва ўрта унумли ҳайдов ҳамда 457 чопиқ трактори, 250 ғалла ўриш комбайни, 250 пахта териш машинаси, 417 культиватор, 105 махсус ер текислагич, 1152 уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омоч, 38 тиркама, 184 кўп вазифали пневматик ва механик сеялка, 161 экинни баргидан озиқлантириш механизмлари ва 670 бошқа турдаги ускуналар, жами 2721 ёки қарийб 958 миллиард сўмлик қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилинадиган бўлди. Энг муҳими, мазкур техникалар февраль ойининг охиригача вилоятга келтирилиши белгиланди. Чунки бу ҳосилга ҳосил қўшишга хизмат қиладиган баҳорги агротехник тадбирларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Қувонарлиси шундаки, 2020 йилнинг дастлабки 20 куни ичида харид қилиниши кўзда тутилган техникаларнинг 380 дан ортиғи олиб келинди. Бунда, айниқса, қишлоқ хўжалигида ерни шудгорлашдан тортиб, экиш, парваришлаш ва хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёндаги кўп босқичли комплекс тизимни ўз ичига оладиган кластерларга билдирилган ишонч муҳим аҳамият касб этди.

Хусусан, вилоятдаги 35 минг 650 гектар майдонда пахта етиштириш ишониб топширилган “Индорама агро” масъулияти чекланган жамияти томонидан харид қилинган техникалар камхаржлиги, кўп функциялилиги ва иқтисодий самарадорлиги жиҳатидан аввалгиларидан бутунлай фарқ қилади. Уч ва ундан ортиқ корпусли айланма омочлар билан жиҳозланган ҳайдов тракторлари ҳосилдор қатламга кўнгилдагидек ишлов берилиб, ҳаво алмашинуви яхшиланишини таъминласа, аниқ экиш сеялкалари ёрдамида уруғлик сарфи 2-3 баробарга камаяди. Бундан ташқари, мазкур сеялкалар билан уруғ қадалган майдонларда яганалаш ишлари талаб қилинмайди.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш ўринлики, деҳқоннинг қаноти бўлган техникаларнинг муддатидан аввал шай ҳолатга келтирилиши вилоятда қишлоқ хўжалиги ишларининг ҳам 15-20 кунга олдинга силжиши учун замин яратди. Натижада пахта экиш режалаштирилган 135 минг 900 гектар майдон тўлиқ шудгорланиб, бир қисмига пушта олиб ҳам бўлинди. Боз устига табиат ҳам саховат кўрсатиб, пушталарнинг салмоқли қисмига қор тушди. Деҳқонлар таъбири билан айтганда, “Қор тушди, пуштага қон кирди, қон кирди – жон кирди”.

"Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ Матбуот хизмати




Рўйхатга қайтиш