20:40:25(GMT +5), 19 fevral 2020

Сўнгги янгиланишлар: 18.02.2020

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Маркетинг ва сотиш бўлими (+99897) 588-00-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

ЭКСПОРТ, ИНВЕСТИЦИЯ ВА МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШНИ КЕНГАЙТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ



Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Видеоселектор йиғилишида экспорт, инвестиция ва маҳаллийлаштириш йўналишларига масъул мутасаддиларнинг вазифалари кўриб чиқилди. Ҳар бир доллардан унумли фойдаланиш бўйича ҳудудлар ва тармоқлар раҳбарларининг шахсий масъулияти белгиланди.

Тўқимачилик, мева-сабзавотчилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ва автомобиль саноати каби етакчи тармоқлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига пахта толасини қайта ишлаш қувватларини 80 фоизга етказиш, янги корхоналар ҳисобига экспорт номенклатурасини диверсификация қилиш ҳамда географиясини кенгайтириш топширилди.

Мамлакатимиз экспортёрларининг салоҳиятли бозорларга киришини енгиллаштириш учун имтиёзли савдо режимини жорий этиш, «GSP+» умумий преференциялар тизимига қўшилиш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.

“Ўзстандарт” агентлигига ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда 155 та фермер хўжалигида “Global G.A.P.” халқаро стандартини жорий этиш, Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорлар талабларига мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Видеоселектор йиғилишида инвестицияларни жалб этиш масалалари таҳлил қилинди.

Ўтган йили барча манбалар ҳисобидан ўзлаштирилган инвестицияларнинг қарийб 30 фоизини тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ташкил этди. Саноати ривожланмаган, олис туманларга ҳам катта инвестициялар кириб борди. Умумий қиймати 5,4 миллиард доллар бўлган 145 та тармоқ ва 167 та ҳудудий лойиҳалар ишга туширилди.

Жорий йилдан бошлаб Инвестиция дастурлари янги тизим асосида ишлаб чиқилди. 2020 йил учун 1569 та хусусий ва тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳалари рўйхати тасдиқланди. Мазкур дастурга асосан шу йилда 233 триллион 200 миллиард сўм, жумладан 7,1 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиши кўзда тутилган.

Йиғилишда тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарлари бу борада амалга ошириши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Тегишли вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмаларига тармоқ лойиҳаларини ўз вақтида ишга тушириш бўйича жавобгарлик юкланди. Ҳудудларда амалга ошириладиган тўғридан-тўғри инвестициялар иштирокидаги ҳар бир лойиҳага республика идоралари раҳбарлари масъул сифатида бириктирилди.

Жорий йилдан бошлаб маҳаллийлаштириш дастурини янгича ёндашувлар асосида шакллантирамиз, деди давлатимиз раҳбари.

Хусусан, 830 та лойиҳа доирасида 9 триллион сўмлик янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Фармацевтика тармоғини ривожлантириш” агентлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, шунингдек, Тошкент шаҳри, Фарғона вилояти, Хоразм, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари аниқ лойиҳаларни амалга оширишлари лозимлиги қайд этилди.

Шу муносабат билан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ҳар бир вазирлик ва идора билан биргаликда бир ой муддатда 2020 йил маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳалар бўйича тармоқ жадвалларини тасдиқлаш вазифаси юклатилди.

Видеоселектор йиғилишида мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботи эшитилди, галдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

“Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ матбуот хизмати




Рўйхатга қайтиш