15:55:01(GMT +5), 22 oktabr 2019

Сўнгги янгиланишлар: 27.09.2019

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Маркетинг ва сотиш бўлими (+99897) 588-00-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ УЙҒУНЛИГИ




Америка Қўшма Штатларининг John Deere компанияси Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти билан ҳамкорликда олий ўқув юртида ўқув марказини ташкил этди. Шу муносабат билан ТИҚХММИда тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Бош вазир маслаҳатчиси, «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ бошқаруви раиси Нодир Отажонов, Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, CIS Equipment Group раҳбари Жейсон Ҳант, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, John Deere компаниясининг Ўзбекистондаги расмий дилери – Landtech компанияси вакиллари ҳамда институт профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.

Институт ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ўктам Умурзоқовнинг таъкидлашича «Ҳозирда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига замонавий техника ва технологиялар кенг жорий этилмоқда. Бу, ўз навбатида, мазкур техника ва технологиялар билан ишлай оладиган муҳандис кадрлар тайёрлашни талаб этади. Бундай вазифани бажаришда эса, нафақат АҚШ, балки дунёда ўз илғор технологиялари ва замонавий техникалари билан машҳур бўлган John Deere компаниясининг Ўзбекистондаги расмий дилери  ҳамкорлик қўлини чўзди. Ўйлаймизки, John Deere компанияси билан биргаликда амалга ошираётган бу ишларимиз, соҳада таълим сифатини янада оширишга ва қишлоқ хўжалиги учун энг юқори малакали муҳандис кадрлар тайёрлашга хизмат қилади», - деди институт ректори Ўктам Умурзоқов.

«Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖга ташрифлари чоғида ҳар бир заводда олий ўқув юртларининг факультетларини, олий ўқув юртларида эса, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари томонидан ишлаб чиқилаётган техникаларнинг ўқув синфлари, макетларини ташкил этишга доир топшириқларни берган эди. Ушбу топшириқнинг ижроси юзасидан дунёнинг энг йирик қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи John Deere компанияси ўз ўқув марказини очди.

Таъкидлаш жоизки, бу компания техникалари жуда мураккаб ҳисобланиб, унда энг сўнгги илғор ақлли технологиялардан жуда кенг фойдаланилган. Шу боисдан ҳам институтнинг таълим бериш соҳасида мазкур компания билан ҳамкорликни йўлга қўйиши даргоҳ талабалари учун беқиёс имкониятларни тақдим этади. Бу ерда дарс бераётган домлалар учун ҳам илғор ўқитиш усуллари ва технологияларини ўзлаштиришларига имкон беради», - деди Нодир Отажонов.

«John Deere ушбу институт билан талабаларга замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари бўйича таълим беришда ҳамкорлик қилишдан, қолаверса, шундай имкониятни тақдим этишдан фахр ҳиссини туяди. Ўқув маркази Ўзбекистон аграр соҳасига илғор технологияларни аъло даражада ўзлаштирган малакали мутахассисларни етказиб беришда ўз ҳиссасини қўшади, деб умид қиламиз», - деди CIS Equipment Group раҳбари Жейсон Ҳант.

Амалий машғулотлар хонасида John Deere тракторларида қўлланиладиган дизель двигателининг намунаси ҳам жойланган бўлиб, бўлғуси муҳандис талабалар уни қисмларга ажратиб, қайта териш амалиётларини ҳам ўтишлари маълум қилинди.

John Deere (Deere & Company) – қишлоқ хўжалиги, ўрмонсозлик, қурилиш, иригация, боғдорчилик техникаси, тракторлар, йирик комбайн машиналари, экскаваторлар, пахта териш машиналари ва бошқа кўплаб техникалар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчиси ҳисобланади. Компания, шунингдек, катта ҳажмли автомобиллар учун двигателлар ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади. Бош офиси АҚШнинг Иллинойс штати, Молин шаҳрида жойлашган. John Deere – бу техника яратишда мижозларнинг талаб ва эҳтиёжларига жавоб берадиган ускуналар ва ишончли хизмат белгисидир.




Рўйхатга қайтиш

Orphus system