17:20:17(GMT +5), 18 noyabr 2019

Сўнгги янгиланишлар: 18.11.2019

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Маркетинг ва сотиш бўлими (+99897) 588-00-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ТЕХНИКАЛАРИ: КЕЧА, БУГУН, ЭРТАГА



Кеча пойтахтимизда “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги техникалари: мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш ечимлари ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари” мавзуида “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ масъул мутасаддилари ҳамда Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ва кластерлар раҳбарлари иштирокида “Очиқ ва ошкора мулоқот” бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ Бошқаруви раиси Нодир Отажонов сўзга чиқиб, кун тартибидаги долзарб масалаларга тўхталар экан, ушбу йиғилиш, талаб ва таклиф, ўзаро ҳамкорлик, истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга жорий этишда тенг манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш руҳида кечсагина мақсадга эришишда муҳим қадам бўлишини алоҳида эътироф этди. У айни пайтда мақсадлар муштараклиги борасида Президентимиз томонидан қабул қилинган 2019 йил 31 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Дарҳақиқат, ушбу ҳужжатда қайд этилганидек, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш, экспортга мўлжалланган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини маҳаллий ишлаб чиқарилган техникалар билан таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, маҳаллий қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида кооперация тизими йўлга қўйилмаганлиги, ишлаб чиқарилаётган техникаларда импорт қисмлари улушининг юқорилиги, аграр секторни техника билан таъминлашнинг барқарор тизими мавжуд эмаслиги, техникаларга сервис хизмати кўрсатишнинг тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги ҳамда илм-фан билан ишлаб чиқаришнинг уйғунлашмаганлиги ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратишни тақозо этмоқда.
Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғини янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ йўлга қўйиш, аграр секторни ҳудудларнинг табиий иқлим ва тупроқ шароитларига мос келадиган замонавий ва арзон қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш, шунингдек, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими жорий этилмоқда. Қарорнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, ишлаб чиқарилаётган мавжуд техника турларини оптималлаштириш ва янги турдаги қишлоқ хўжалиги техникаларининг бюджет моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда республикада ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари учун янги миллий “бренд”ни яратиш;
боғдорчилик, мева-сабзавотчилик ва чорвачилик йўналишида техника турларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва умумий ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилганлигидир.
Таъкидлаш жоизки, тадбир очиқ ва ошкора, баҳс-мунозара руҳида кечди. Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ва кластер раҳбарлари томонидан соҳадаги муаммолар юзасидан берилган саволларга “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ раҳбарияти ва тизимдаги корхоналар масъуллари томонидан батафсил жавоблар қайтарилди. Янада эътиборлиси, кластер бирлашмалари томонидан харид қилинган техникаларнинг кафолат муддати тугамасдан яроқсиз ҳолга келиб қолган ҳолатлар бўйича қилинган мурожаатларни узоғи билан бир-икки кун давомида ижобий ҳал этиш бўйича мутасаддиларга қатъий топшириқлар берилди. Иштирокчилар томонидан харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини имтиёзли молиялаштириш, шу жумладан, лизинг тизими, муддати ва тўловларни такомиллаштириш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш шохобчалари тармоғини кенгайтириш, уларни бутловчи ва эҳтиёт қисмлар билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, трактор ва комбайнлар ҳайдовчилари малакасини ошириш, ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари сифатини юқори даражага кўтариш, етказиб берувчиларнинг жавобгарлигини кучайтириш каби саволларга, ўртага ташланган мавжуд муаммоларга жамият мутасаддилари томонидан тўлақонли жавоблар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар “ЎзКлассАгро” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси, “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи” акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар намуналари билан яқиндан танишдилар.

Саидолим Ҳайдаров.



Рўйхатга қайтиш

Orphus system