07:21:12(GMT +5), 17 sentabr 2019

Сўнгги янгиланишлар: 16.09.2019

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Маркетинг ва сотиш бўлими (+99897) 588-00-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

“ЎЗАГРОТЕХСАНОАТХОЛДИНГ” АЖ: ИСЛОҲОТЛАР ЭЛ МАНФААТЛАРИГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА




Бугун Миллий Матбуот марказида “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда “Ўтказилган халқаро кўргазмаларда жамиятнинг иштирокчи сифатидаги тажрибалари, эришилган натижа ва белгиланган устувор вазифалар” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуман иштирокчиларига дастлаб, жамият тизимидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари ҳамда амалиётга жорий этилаётган қатор лойиҳалар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.


Дарҳақиқат, ўтган 2018 йилда жамият тизимидаги корхоналар томонидан 11 минг 570 дона қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилиб, ички ва ташқи бозорларга етказиб берилди. Жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги техникалари қатор хорижий давалатларга экспорт қилинди. Шунингдек, кўплаб хорижий компания ва корхоналар билан ўтказилган музокаралар натижасида харид қилинаётган бутловчи ва эҳтиёт қисмлар нархларига чегирмалар қилинишига эришилди. Натижада иш унуми ортиб, маҳсулот таннархи кескин пасая борди. Масалан, ўтган йилнинг охирларига келиб тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари нархи – тури ва русумига қараб анча арзонлаштирилди. Бунинг натижаси ўлароқ, маҳсулот турлари кўпайиб, экспорт ҳажми бир неча баробарга ортди.



“Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамиятининг бугунги кундаги техник сиёсати тизим корхоналарида ишлаб чиқарилаётган техникаларни маҳаллийлаштиришдан иборат бўлиб, айни дамларда ушбу техникаларни 30-40 фоизгача маҳаллийлаштириш юзасидан қатор ишлар олиб борилмоқда. Бу эса ўз навбатида деҳқоннинг оғирини енгил, ҳосилининг баракали бўлишида муҳим аҳамият касб этаётир.

Мана шулар билан бир қаторда, жамият ходимлари хорижнинг илғор ва замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишиш ва турли шартномаларни имзолаш мақсадида Халқаро кўргазмаларда ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Жорий йилнинг 19-23 март кунлари Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган “Buying Mission program” Халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмасида жамият ходимлари ҳам иштирок этишиб, хорижнинг энг сўнгги ютуқларини ўзида жамлаган қишлоқ хўжалиги техникалари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Шунингдек, улар Францияда бўлиб ўтган “Sima-2019” Халқаро қишлоқ хўжалиги кўргазмаси ҳамда Германия ва Россиянинг Москва шаҳарларида ўтказилган ана шундай кўргазмаларда ҳам фаол иштирок этишиб, етарлича тажрибалар тўпладилар. Айни дамларда эса, “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти томонидан жорий йилнинг 4-9 июнь кунлари Беларусниннг Минск шаҳрида бўлиб ўтадиган “Белагро-2019” Халқаро кўргазмасига тайёргарлик кўриш ва унда иштирок этиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

- Бир сўз билан айтганда, халқаро кўргазмаларда намойиш этилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари юртимиз ва хорижлик ишбилармонларда катта қизиқиш уйғотмоқда, - дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти Бошқарма бошлиғи Ҳасан Насибов. – Бундай маҳсулотларнинг намойиши эса чет эллик ҳамкорлар билан манфаатли шартномалар имзоланишида муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.



Мухтасар қилиб айтганда, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкиллаштирилган ушбу анжуман турли таассуротларга бой бўлди. Она Ватанимиз иқтисодиётига ўзининг маҳсулотлари билан улкан хисса қўшаётган “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти сингари жамоалар шаънига илиқ фикрлар айтилди.

Соҳибжон Салимов,

“Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти

Матбуот хизмати






Рўйхатга қайтиш

Orphus system