10:23:22(GMT +5), 18 iyun 2019

Сўнгги янгиланишлар: 13.06.2019

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Маркетинг ва сотиш бўлими (+99897) 588-00-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИКНИНГ ЁРҚИН НАМУНАСИ

Дастлаб оилавий корхона сифатида иш бошлаган “CLAAS” компанияси кейинчалик йирик ишлаб чиқарувчига айланди ва мана, бир асрдан зиёд вақт ўтса ҳамки, дунё бозорида ўз ўрнини йўқотгани йўқ. Бош офиси Германиянинг Харзевинкель шаҳрида жойлашган мазкур компания жаҳоннинг 14 мамлакатида ўз корхонасига эга. Шулар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Юртимиз фермерлари энг масъулиятли мавсум – ғалла ўрим-йиғимига пухта ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай саранжомлаб олишда “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти тизимидаги “Uz CLAAS Agro” Ўзбекистон-Германия масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникалари қўл келади, албатта. Чунки улар замонавий ва унумдорлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Яқинда мазкур корхонада бўлганимизда фарғоналик қишлоқ хўжалиги мутахассислари билан учрашиб қолдик. Улар ҳам ушбу завод техникаларидан харид қилиш ниятида келишганини айтишди.

— 2019 йил ҳосили учун туманимиздаги 177 та фермер хўжалигининг 9634 гектар ер майдонида ғалла етиштириляпти, — дейди МЧЖ шаклидаги “Бешариқ агросервис" машина-трактор парки раҳбари Ҳусанбой Каримов. — Ҳосилни ўз вақтида ўриб-янчиб олиш учун паркимизда 29 та турли русумдаги комбайн мавсумга деярли ҳозирлаб бўлинди. Шундан 22 таси “CLAAS" русумидаги замонавий техникадир. Бугун яна иккита комбайн олиб кетмоқчимиз.

— Мазкур комбайнлар нимаси билан афзал? — сўраймиз суҳбатдошимиздан.

— Бу, аввало, иш унумдорлигида кўринади. Масалан, эски комбайнлар ёрдамида бир кунда 4-5 гектар ғалла ўрилган бўлса, бу билан ушбу кўрсаткични 16 гектаргача етказиш мумкин. Бундан ташқари, ёнилғи сарфи кам. Кабина механизаторлар учун қулай. Салқин, шовқин ўтказмайди. Қаерда носозлик сезилса, механизатор кабинада туриб хабардор бўлади.

Дарҳақиқат, илк фаолиятини 2010 йилда ғалла ўриш комбайнлари ва турли русумдаги тракторлар ишлаб чиқаришдан бошлаган мазкур кўшма корхона маҳсулотлари бугун мана шундай устунликлари билан харидорлар эътиборига тушмокда. Корхона жамоаси томонидан ўтган йили 100 та “Dominator-130” ғалла ўриш комбайни ва 224 та "Arion-630C” русумли трактор ва бошқа турдаги техникалар мамлакатимиз деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига етказиб берилгани фикримиз тасдиғидир.

 — Биз ер ҳайдаш, сомон пресслаш, маккажўхори ўриш каби қишлоқ хўжалиги техникаларини ҳам ишлаб чиқарамиз, — дейди корхонанинг ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш бўйича директори Ҳабибулла Худойбергенов. — Техникаларимиз барча зарур сертификатларга эга, халқаро стандартларга мос.

 Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани эса ишимизга янада унум бахш этмоқда. Мисол учун, биз илгари фақат Германиядан келтирилган қисмларни йиғардик. 2013 йилдан бошлаб эса зарур асбоб-ускуналарга эга бўлгач, дастлаб комбайн бункерини маҳаллийлаштирдик. Кейинги йили кабинани ўзимизда ишлаб чиқаришни бошладик. Яъни ҳозирги кунда кабинанинг 90 фоиз бутловчи қисмлари корхонамизда тайёрланади. Германиядан фақат электрга оид қисмларини оламиз, холос. 2015 йилдан эътиборан зарур ускуналарни харид қилиб, комбайннинг сомон ўтказувчи қисмини тайёрлашни ўзлаштирдик. Умуман, айни пайтгача маҳсулотларимизнинг 36 фоизи ўзимизда тайёрланяпти. Яқин келажакда эса бу кўрсаткични 50 фоиздан ошириш режалаштирилган.
Қувонарлиси, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик маҳсули бўлган “Uz CLAAS Agro" корхонасида тайёрланаётган “Dominator-130”, “Axos-340C", "Arion-630C" комбайн ва тракторлари, “Markant” пресслагичлари, “Yaguar-61” озуқа экинлари йиғиш ускуналари, аллақачон қишлоқ хўжалиги вакилларининг ишончли техникаларига айланиб улгурган. Қолаверса, республикамизнинг ҳар бир ҳудудида уларга сервис хизмати кўрсатувчи марказлар ташкил этилгани ҳам фермерлар учун айни муддао бўлмоқда.

 Жамоа бу билан чекланиб қолаётгани йўқ. Улар ишлаб чиқаришга инновацияларни жалб этиш, маҳсулотларни ташқи бозорларга ҳам чиқариш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқда. Бунинг учун эса имконият ва шарт-шароитлар етарли.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ («Халқ сўзи»).



Рўйхатга қайтиш

Orphus system