23:18:11(GMT +5), 12 dekabr 2019

Сўнгги янгиланишлар: 12.12.2019

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Маркетинг ва сотиш бўлими (+99897) 588-00-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

СИЗГА ТАЪЗИМ, СИЗГА ЭҲТИРОМ




Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан жойларда эзгу ва хайрли тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Энг муҳими, Ватанимиз озодлиги йўлида немис фашист босқинчиларига қарши курашда ва фронт ортида ўзининг машаққатли меҳнати билан буюк ғалабага муносиб ҳиссасини қўшган ҳазрати инсонлар янада ардоқланиб, уларга самимий эҳтиром кўрсатиляпти. Бу – шак-шубҳасиз ўсиб келаётган ёш авлод онг-шуурида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.





Байрам муносабати билан собиқ “Тошкент трактор заводи” (ҳозирда “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникалари заводи” АЖ)нинг бир гуруҳ нуронийлари корхонага таклиф этилдилар. Бунгача, шу куни эрта тонгдан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 211-умумтаълим мактабининг  бошланғич синф ўқувчилари ҳам ўз мураббийлари кузатувида  корхона ҳудудидаги Хотира монументи пойига гуллар тўшаб, марҳумлар ёдига ҳурмат бажо келтирдилар. Мазкур Хотира монументи ёдгорлик тахтасида  урушгача корхонада меҳнат қилган, жангларда қаҳрамонларча ҳалок бўлган собиқ ишчиларнинг исм-шарифлари зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган. 

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида туриб меҳнат қилган фахрийларни “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ бошқаруви раиси Мухтор Каримов улуғ байрам билан қутлар экан, уларнинг Ватан озодлиги йўлидаги ҳизматлари, шунингдек, ўша суронли йилларда шижоат кўрсатган фронт орти иштирокчиларига чуқур миннатдорчилик билдирди. 


Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Николай Николаевич Фомин сўзга чиқиб, аввало, эътибор ва эҳтиром учун ташкилотчиларга раҳматнома билдирди. Фахрий жангчи уруш хотиралари, урушдан кейинги оғир меҳнат жараёнлари хусусида ҳаяжон билан сўзлади. Салкам юз ёшни қаршилаётган Н.Н Фомин корхонанинг урушдан кейинги ва бугунги ҳолатини таққослаб, жуда катта ижобий ўзгаришлардан мамнун эканлигини таъкидлади. У ҳозирги тинчлик, омонлик, тўкин-сочинлик қадрига етиш, Ватанни ардоқлаш борасида ўзининг дил сўзларини изҳор этди.

Тадбир сўнггида уруш ва меҳнат фахрийларига ташкилотчиларнинг совға-саломлари топширилди ва улар иззат-ҳурмат билан кузатиб қўйилди.







Back to the list

Orphus system