00:51:36(GMT +5), 13 dekabr 2019

Сўнгги янгиланишлар: 12.12.2019

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Маркетинг ва сотиш бўлими (+99897) 588-00-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

ЎЗБЕКИСТОН – ЖАНУБИЙ КОРЕЯ МУНОСАБАТЛАРИ ЯНГИ БОСҚИЧДА РИВОЖЛАНМОҚДА



Мамлакатимизда амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсат туфайли халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистон – Жанубий Корея шереклиги иқтисодиёт, саноат ва маданий соҳаларда янгича йўналиш сифатида баҳоланмоқда.

Жанубий Корея Савдо-саноат ва энергетика вазири ўринбосари Ким Йонг Ре бошчилигидаги делегациянинг “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамиятига ташрифи ушбу йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашиш имконини берди.

Ташриф доирасида томонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар, ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳақида сўз юритдилар. Улар қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ва яқин истиқболдаги вазифалар хусусида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, меҳмонлар Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг маҳсули – “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази”нинг расмий очилиш маросимида ҳам қатнашдилар.

– Ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 июлдаги “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасида илмий-техник базани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан ташкил этилганди, – дейди “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Мухтор Каримов. – Айни дамларда жамиятимизга қарашли, ушбу марказда қишлоқ хўжалиги учун муҳим ҳисобланган техникаларни ишлаб чиқаришда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, тажриба-конструкторлик ишларини юритиш, технологик лойиҳалаштириш каби юмушлар бажарилмоқда. Бундан ташқари, бу ерда илғор технологияларни амалиётга тадбиқ этиш, қишлоқ хўжалиги машинасозлигида янги машина тизимларини яратиш ва синовдан ўтказиш каби тадбирлар ҳам амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, ўтган қисқа вақт мобайнида ушбу марказ томонидан кореялик мутахассислар билан ҳамкорликда бир қатор илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ҳамда технологик лойиҳалаштириш ишлари бажарилди. Биргина мисол. 110 от кучига эга замонавий, миллий бренди “ZAMIN” русумли трактор яратилиб, турли кўргазмаларда иштирок этди. Айни дамларда ушбу трактор синов тажрибаларида қатнашмоқда. Бундан ташқари, ёш мутахассислар томонидан барча қулайликларга эга трактор тиркамаси яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилди. Ушбу тиркаманинг афзаллиги шундаки, бу тиркамага нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ортишда фойдаланиш, балки ундан мавсум мобайнида 24 нафаргача бўлган кишини ташиш ҳам мумкин. Боиси, ушбу тиркама юмшоқ ўриндиқлар билан жиҳозланган бўлиб, ундан махсус штаб, ёки бўлмаса, дала шароитида яшаш учун кўчма уй сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

Марказ мутахассисларининг олиб борган илмий-тадқиқот ишлари ва саъй-ҳаракатлари натижасида 20 дан зиёд миллий кашфиётлар қилинди.

Ташриф доирасида кореялик меҳмонларга ушбу марказ фаолияти, бу ерда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Қолаверса, уларга истиқболдаги лойиҳалар, ҳамкорликда олиб борилаётган илмий-техник изланишлар самараси акс эттирилган қишлоқ хўжалиги техникалари ҳам намойиш этилди.

Соҳибжон Салимов, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ матбуот хизмати



Рўйхатга қайтиш

Orphus system