02:53:00(GMT +5), 2 iyun 2020

Сўнгги янгиланишлар: 29.05.2020

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Янгиликлар ва пресс-релизлар

Тошкент “Агрегат заводи” АЖ

У қишлоқ хўжалиги машиналари – пуркагичлар, чигит экиш сеялкалари, ўроқ машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.



Тошкент “Агрегат заводи” АЖнинг тарихи 1955 йилнинг март ойига тўғри келади. Завод фаолиятини қисқа муддатларда 4-ПЗУ ер насоси қурилмаси, сўнгроқ эса ДДА-100 ёмғирлатувчи машинасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан бошлаган. Дастлаб у "Тошкент ирригация машинасозлиги заводи” деб номланди. 1959 йилда завод трактор ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигига қайта ихтисослаштирилди ва Т24.3В қаторлар орасига ишлов берувчи тракторларни ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Шу муносабат билан завод “Ўзбек трактор-йиғиш заводи” деб номлана бошлади ва 1960 йилнинг биринчи чорагидаёқ 1400 та трактор ишлаб чиқарди.


1961 йили завод ХВС-1,2 русумли қўш қаторли пахта териш машиналари учун ўзиюрар шасси ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга муваффақ бўлди. 1964 йилдан бошлаб завод тракторлар ишлаб чиқариш билан биргаликда янги мураккаб маҳсулот – қишлоқ хўжалиги машиналари ва комбайнлар учун редукторлар ишлаб чиқара бошлади. 1968 йили завод ўша давр учун анча қудратли ҳисобланган Т28-Х4 тракторини серияли етказиб беришни бошлади. Бу эса дунёда биринчи бўлиб тўрт қаторли “Ўзбекистон” пахта териш машинаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини берди.

Завод шу йилнинг ўзида йилига 22 мингта трактор ишлаб чиқариш маррасига эришди. 1972 йилдан бошлаб завод “Тошкент агрегат заводи” деб қайта номланди. Тракторларни йиғиш “ТТЗ”га топширилди, бироқ орқа ва икки ғилдиракли олди кўприклар ишлаб чиқариш заводга бириктириб қўйилди. Шу пайтнинг ўзида энергетика ва транспорт хўжалиги объектлари қурилиши ҳажмининг ортиши ҳисобига, мослашувчан ишлаб чиқариш тизимлари жорий этилди.

1980 йилдан бошлаб танаворларга термик ишлов бериш агрегатларини ишлаб чиқариш тўлиқ йўлга қўйилди. СНЦ печлари линияси ҳамда гальваноқопламали янги автоматик линия ўрнатилди ва жорий этилди. 90-йилларга қадар завод универсал ер ҳайдаш ва пахтачилик тракторларига олд ва орқа кўприклар, собиқ Иттифоқ республикаларига етказилиб берилувчи турли машина ва механизмларга махсус редукторлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари сингари алоҳида тугунлар ва агрегатлар ишлаб чиқаришга ихтисослашди.

1996 йилнинг ноябридан бошлаб завод “Агрегат заводи ОТАЖ” – очиқ турдаги акциядорлик жамиятига, 1999 йилнинг сентябрида эса “AGREGAT ZAVODI” ОАЖ га айлантирилди.

Ҳозирги пайтда заводнинг асосий маҳсулотлари: Вентиляторли ОВХ-600 ғўза пуркагичи, Штангали ОШХ-12-1А ғўза пуркагичи (гербицидлар билан ўғитлаш мосламаси), “АGRIMONDO” (Италия) ва “KUHN” (Франция) фирмаси билан ҳамкорликда тайёрланган осма “HORIZON” пуркагичи, тиркамали ОВМ-1500.

Шунингдек, завод “KUHN” фирмаси билан ҳамкорликда ерни тайёрлаш машиналари (плуглар, ротацион сихмолалар, ерни чуқур юмшатгичлар) ва орқаосмали ротацион ўроқ машиналар ҳам ишлаб чиқаради. Қишлоқ хўжалиги машиналаридан ташқари завод маҳсулотлари жумласига НШ-10, НШ-32, НШ-50 шестерняли насослар, мотор-редукторлар, умусаноат мақсадларига мўлжалланган редукторлар, турли хилдаги универсал ва махсус редукторлар ҳам киради.

2005 йили импорт тўпламлари асосида тажриба синови ўтказилди ҳамда чигит ва бошқа экинлар экишга мўлжалланган тўрт қаторли пневматик сеялка ҳамда ВТ 150 ва Т4А тракторлари учун плуглар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Хорижда ишлаб чиқарилган замонавий технология ва ускуналарни жорий этиш заводга юқори жаҳон стандартлари даражасидаги деталлар ва буюмлар, тракторлар ҳамда қишлоқ хўжалиги машиналарига эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш имконини беради.

Айни пайтда заводда ишлаб чиқаришнинг қуйидаги турлари мавжуд:

- ерга ишлов бериш техникалари ишлаб чиқариш;

- холдинг ички кооперацияси бўйича тугунлар (узеллар) ва редукторлар ишлаб чиқариш;

- тракторлар ва қишлоқ хўжалиги машиналарига эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш.

2009 йилнинг март ойидан бошлаб завод собиқ “Ўзбекқишлоқмаш” ОАЖда илгари ишлаб чиқарилган СЧХ-4Б чигит экиш сеялкасини тайёрлаш тизимини йўлга қўйди. Алоҳида буюртмалар асосида завод буюртмачининг чизмалари ёки намуналари асосида детал ва тугунларнинг (узелларнинг) ёлғиз нусхаларини ҳам ишлаб чиқаради.

 



Рўйхатга қайтиш