05:08:07(GMT +5), 23 avgust 2019

Сўнгги янгиланишлар: 15.08.2019

(+99871) 264-17-40

(+99871) 212-66-34 Факс

Ишонч телефони (+99871) 200-48-00

Маркетинг ва сотиш бўлими (+99897) 588-00-00

Ишонч телефони

Ишонч телефони



«Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятига

«Ишонч телефони» орқали келиб тушган мурожаатларни

кўриб чиқиш тўғрисида

Низом

 

I. Умумий қоидалар


1. Ушбу Низом Ўзбекистан Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ «Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамиятига (бундан буён матнда «Жамият» деб юритилади) «ишонч телефони» орқали келиб тушадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича аризалари, таклифлари ва шикоятларини қабул қилиш, расмийлаштириш ва кўриб чиқиш тартибини белгилайди.

2. Жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатларини (кейинги ўринларда - мурожаатлар) қабул қилиш ва қонунчиликда ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш мақсадида, Жамиятда «ишонч телефони» ташкил этилади.

Жамиятнинг «ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида мазкур Низомда белгиланган тартибда қайд этилади, рўйхатга олинади ва кўриб чиқилади.

3. Жамиятда ва унинг тизимидаги ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларга имкон қадар қулайликлар яратиш мақсадида «ишонч телефони» рақами ҳақидаги маълумот хамма кўриши учун қулай бўлган жойларга осиб қўйилиши, шунингдек, Жамиятнинг веб-сайтига жойлаштирилиши лозим.

4. Жамиятнинг «ишонч телефони» орқали:

аризалар - ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам курсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаатлар;

таклифлар – Жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаатлар;

шикоятлар - бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни химоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаатлар қабул килинади.

5. Аризалар ёки шикоятлар – Жамият «Ишонч телефони» орқали келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун мобайнида масаланинг мохияти бўйича ҳал этилиши, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш ўтказиш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари Жамият раҳбарияти томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклифлар – Жамиятга келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ва юридик шахсга ўн кунлик муддатда ўзма шаклда хабар қилинади.

6. «Ишонч телефони»га килинаётган мурожаатлар Жамиятнинг масъул ходимлари томонидан иш кунлари (байрам кунлари ва якшанба кунидан ташқари) соат 09.00 дан 13.00 гача ва 14.00 дан 18.00 гача қабул қилинади.

7. Мурожаатларни кўриб чиқишда Жамият масъул ходимлари томонидан мурожаат қилувчилар тўғрисида олинган маълумотлар уларнинг тегишли розилигисиз, шунингдек давлат сири бўлган маълумотларни, Жамият сири, тижорат сири ва қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирни ҳамда агар бу мурожаатчининг қонуний ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини камситишга олиб келса, бошқа маълумотларнинг ошкор этилишига йул қўйилмайди.

Мурожаатчи тўғрисида мурожаат қилиш мавзусига тегишли бўлмаган маълумотларни аниқлашга йўл қўйилмайди.

II. Ишонч телефони орқали тушадиган мурожаатларни қабул қилиш

ва расмийлаштириш тартиби

8. Жамиятда ташкил этилган «Ишонч телефони» рақами вақтинчалик (+998 71) 200-48-00 этиб белгиланган. Жамият томонидан қўшимча телефон рақамлари жорий этилиши мумкин.

9. «Ишонч телефони»нинг рақамлари оммавий ахборот воситалари, Жамиятнинг интернет сайтига киритиш ва бошқа йўллар орқали жисмоний ҳамда юридик шахслар эътиборига етказилади.

10. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатларни қабул килиш Жамиятнинг масъул ходимлари томонидан амалга оширилади.

11. «Ишонч телефони» орқали телефон қўнғироқларига жавоб беришда Жамиятнинг қўнғироқни қабул қилувчи масъул ходими:

- фамилиясини, исмини, отасининг исмини ва эгаллаб турган лавозимини айтишга;

- қўнғироқ қилувчиларга «Ишонч телефони» фақат жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларидан аризалар, таклифлар ва шикоятларни қабул қилиш максадлари учун ишлашини тушунтириши;

- қасддан ёлғон маълумот такдим этилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилиши;

- қўнғироқ қилган шахсга ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ахборот ва маълумотларни маълум қилишни таклиф этиши шарт.

 12. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатларни тўплаш 

ва умумлаштириш учун телефондаги сўзлашувларни ёзиш функцияси билан жиҳозланган телефон аппаратларидан фойдаланилади.

13. «Ишонч телефони» орқали тушган барча мурожаатлар электрон манбага ёзилади ва икки йил мобайнида сақланади.

14. «Ишонч телефони» орқали мурожаат қилишда мурожаат қилувчи ўзининг фамилияси, исми, отасининг исмини, яшаш ва иш жойи тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек агар у тадбиркорлик субъекти бўлса, тадбиркорлик субъектининг номи, жавоб юборилиши керак бўлган почта манзилини, қайта боғланиш учун телефон рақамини маълум қилиши ҳамда мурожаатнинг моҳияти
ва мазмунини баён қилиши шарт.

15. «Ишонч телефони» орқали тушган мурожаатлар Жамиятнинг масъул ходимлари томонидан умумлаштирилади ва «Ишонч телефони» орқали тушадиган мурожаатларни рўйхатга олиш учун ишлаб чиқилган махсус дастур орқали электрон кўринишдаги базага киритилади ҳамда белгиланган тартибда рақамланган, тикилган, мухрланган алохида дафтарда тўлик рўйхатга олиниб, рахбарият резолюциясига мувофиқ бир иш кунидан кечиктирилмай ижрочига тақдим этилади.

16. «Ишонч телефони» орқали тушган мурожаатларнинг ижроси юзасидан назорат Жамиятнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича гуруҳи томонидан юритилади.

17 Ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ахборот ва маълумотлар тақдим этилмаган мурожаатлар рўйхатдан ўтказилмайди ва кўриб чиқилмайди.

18. Мурожаатни кўриб чиқиш давомида айнан кўриб чиқилаётган масала юзасидан такрорий равишда мурожаат тушганда, бир хил мазмундаги мурожаатлар китобда дубликат сифатида рўйхатга олинади ҳамда аввалги мурожаатга қўшиб тикилади.

III. «Ишонч телефони» орқали келиб тушаётган мурожаатларни

кўриб чиқиш тартиби

19. Мурожаатни кўриб чиқиш муддати ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ белгиланади.

20. Зарур ҳолларда мурожаатда кўрсатилган ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида мурожаат қилувчини жалб этган ҳолда Жамиятнинг масъул ходими томонидан Жамиятнинг тегишли таркибий тузилмалари мутахассислари иштирокида жойига чиқиб ўрганилиши мумкин.

21. Мурожаатни кўриб чиқиш натижалари ва қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳияти тўғрисида мурожаат қилувчи ёзма равишда хабардор килинади.

Мурожаат қилувчининг мурожаати юзасидан хабардор қилинганлиги тўғрисида «Ишонч телефони» орқали тушадиган мурожаатларни рўйхатга олиш дафтарида тегишли ёзув қайд этилади.

22. Мурожаатни кўриб чиқиш, агар у илгари бир неча бор тушган бўлиб, асоссиз, қонунга хилоф хусусиятда бўлса ёки мазкур мурожаат бўйича илгари жавоб берилган бўлса, раҳбарият томонидан рад этилиши мумкин. Бу тўғрисида мурожаатни кўриб чиқишга масъул этиб белгиланган ходим томонидан муаллифга мурожаатининг рад этилиши асослари тўғрисида ёзма равишда жавоб хати тайёрланиб, юборилади.

23. Жамиятнинг «ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатларни назоратдан чиқариш мазкур мурожаат юзасидан мурожаат этувчига ёзма равишда хабардор қилинганидан сўнг, Жамият раҳбарияти томонидан амалга оширилади, бу ҳақда «ишонч телефони» орқали тушадиган мурожаатларни рўйхатга олиш дафтарига тегишли ёзув қайд этилади.

24. Жамиятнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича гуруҳи Жамият ижроия аппарати ҳамда таркибига кирувчи ташкилотларнинг «ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатларини белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилиши устидан назорат олиб боради.

IV. Якунловчи қоидалар

25. «Ишонч телефони» орқали тушаётган мурожаатларни белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилиши борасида тааллуқлилигига қараб Жамият ижроия аппарати ҳамда унинг таркибига кирувчи ташкилотлар масъул ходимлари шахсан жавобгардирлар.

26. «Ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатларнинг ижро этилиши юзасидан белгиланган муддатларда хулоса тақдим этилмаган, шунингдек берилган кўрсатмалар бажарилмаган ёки талаб даражасида бажарилмаган такдирда, ушбу мурожаатларнинг кўриб чиқилишига масъул ходимлар қонун ҳужжатларига мувофик жавоб берадилар.

27. «Ишонч телефони» орқали мурожаат қилувчилар уларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш асоссиз рад этилиши устидан судга шикоят қилишга ҳақлидирлар.

28. «Ишонч телефони» орқали олинган ахборот билан ишловчи шахслар (ходимлар) олинган маълумотларнинг ошкор этилмаслиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ шахсан жавоб берадилар.

29. Ушбу Низом бузилишида айбдор булган шахслар қонун ҳужжатларига мувофик жавоб берадилар.






Orphus system